Ўзбекистон Республикаси
Туризмни ривожлантириш
Давлат қўмитасига
Муҳтарам хонимлар ва жаноблар,
Эътиборингизга “Ёзувчи/рассом/маданият ходими резиденцияда” – UzLAB – Uzbekistan’s Literature and Art Bridge – дастурини ҳавола этишни лозим топдим. Бу дастур Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи мустақил митти кўприкдир. У асосан ўн кундан тўрт ҳафтагача муддат ичида Ўзбекистоннинг камида учта шаҳридаги адабий, дўстона, дилкаш давраларда бўлишни истовчи чет эллик ёзувчи, шоир, таржимон, рассом, маданият ходими учундир.
Дастур 2018 йил октябрь ойида лойиҳа-тажриба сифатида очилган ва ҳозиргача унда ўндан зиёд хорижий давлатдан 40 нафардан ортиқ ижодкор иштирок этди. Яқин орадаги дастуримиз шу йил 25 сентябрдан 10 октябргача бўлиб ўтди.
Бир йил ичида бу лойиҳа туфайли “ижодий туризм” деган термин истилоҳга кирди. Бир йилда бу дастурни тўрт марта махсус ташкиллаштириш кўзда тутилган. Хорижлик ижодкорларнинг катта қизиқиши туфайли, йилнинг исталган пайтида 2-4 кишилик қўшимча гуруҳларни ҳам қабул қилиш бошланди, яъни, дастур бундан буён йил бўйи давом этаверади.
“UzLAB” мустақил ташаббус сифатида адабий, маданий алмашув, чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиши учун имкон бериш ва шароит яратиш, келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатларни йўлга қўйиш, кўргазмалар қилиш, чет тиллари курслари ташкил этиш, адабий таҳрирлар қилиш, китоблар чоп этиш баробарида чет эллик ижодкор туристларни Ўзбекистонга жалб этишни кўзда тутади. Мазкур дастур келгусида Ўзбекистон ўзининг кенг кўламли Халқаро ижодий дастурларини, Халқаро ёзувчилар ва шеърият фестивалларини, Халқаро ижод уйларини очишига туртки бўлишни мақсад қилади. Бу ижодий ташаббус шартига кўра, дастур иштирокчилари меҳмонхонада эмас, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият ходимларининг уйларида улар билан бирга яшайди ва ижод қилади.
“UzLAB “мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, қисқа муддатли чет тили курслари ва суҳбат клублари, ёзувчи, шоир, рассом ва талабалар билан учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейлари, ва албатта Ўзбекистоннинг диққатга сазовор, тарихий шаҳарлари ва зиёртгоҳларига саёҳатни ўз ичига олади.
Ўтган дастурлар аниқ натижаси ўлароқ, ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялар тўплами, ўзбек шоиралари тўплами дастурда иштирок этган хориж ижодкорлар ёрдамида бир нечта тилларда мақола ва китоб ҳолида нашр этилмоқда. Ўзбек шоирлари ижодидан намуналар эса инглиз, ҳинд, озарбайжон, қирғиз, болгар каби дунё тилларига таржима қилинди ва қилинмоқда.
Ўзбек ёзувчи ва шоирлари асарлари бирин-кетин онлайн адабиёт платформаларида нашр этила бошлади. Шу йил Болгарияда Ўзбекистонга бағишланган алоҳида тақдимотлар қилинди, бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар Пловдив шаҳрига бориб, маданий-адабий алмашув дастурида иштирок этиб қайтди. Дастуримизнинг Озарбайжон, Исроил, Австралия, Япония, Дания, Қозоғистон, АҚШ, Қирғизистон ва бошқа чет мамлакатлардан келган иштиркочилари даврий нашрлар ва онлайн палтформаларда ўзбек адабиёти ва санъатига оид тинимсиз мақола ва постлар бериб келмоқда. Дастур иштирокчилари ўз мамлакатларидаги адабий ва маданий доираларни Ўзбекистонга жалб қилишда, саёҳатларини уюштиришда жонбозлик қилмоқда.
Ушбу ижодий туризм дастури ҳақида тўлиқ маълумот, ТВ‑чиқишлар, суҳбатлар, ихчам видеоалрани мана бу линкда ўқиш ва томоша қилиш мумкин: http://azamabidov.uz/?cat=29
Шунга эътибор қаратишингизни истардикки, айнан бундай дастур дунёнинг ҳеч бир мамлакатида мавжуд эмас. Энг қизиғи, биз амалга ошираётган ижодий лойиҳа фақатгина кўнгилли-волонтёрлар ёрдамида, бирор давлат ё нодавлат ташкилот кўмагисиз олиб борилмоқда. Уни амалга оширишда, асосан, ўзимнинг оилам (рафиқам: шоира, журналист ва таржимон Нодира Абдуллаева ҳамда ўғлим, Миллий университет талабаси Азизбек Обидов), Намангандаги яқинларим ва бир гуруҳ дўстларим ёрдамига суянмоқдамиз.
Сизни ушбу адабий-маданий (асло тижорий эмас) лойиҳа билан яқиндан танишиб чиқиб, тегишли ўринларда муносиб ҳамкор сифатида иштирок этишга таклиф этамиз. Ишонамизки, бундай лойиҳа айнан сиз амалга оширишни кўзлаган мақсадларга жуда мувофиқ келади ва биргаликда биз янада катта ютуқларни қўлга киритиб, Ўзбекистоннинг адабиёти, санъати ва буюк меҳнаткаш ва заҳматкаш халқининг бой меросини дунёга олиб чиқамиз.
Эҳтиром ила,
Аъзам Обидов
шоир, таржимон