“Ижодкорлар учун чет тили ва компьютер курслари” лойиҳаси

# Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақиллиги

“Ижодкорлар учун чет тили ва компьютер курслари” лойиҳаси

Ким ишга туширса ҳам, уникал мустақил лойиҳага қўл урган бўларди!

Ижодкор деганда шоир, драматург ва рассомларни қамраб олиш мумкин. Орамизда турк, рус тилларида чиройли гапириб, турк дунёси ва собиқ иттифоқ ҳудудидаги турли анжуманларда қатнашаётган ўзбек ижодкорлари бор. Аммо, ўзингиз биласиз, уюшманинг кўп сонли аъзолари ва ё аъзомаслар ичидан ғарб тилларида, масалан, инглиз, немис ё француз тилида сўзлаша оладиган, халқаро анжуманларда баралла сўзга чиқа, ўз ижодидан намуналар ўқиб бера оладиган жуда кам сонли ижодкоримиз бор.

Сиз ана шу бўшлиқни тўлдиринг! Бир гуруҳ илғор, адабий алоқаларга қизиқувчи шоир, ёзувчи, рассомга инглиз, француз, немис тилларини ўргатинг.

Тил ўргатиш баробарида ўша тилларда чет эл адабий, маданий саҳналарида нутқ сўзлаш, тақдимот қилиш, ўз ижодидан намуналар ўқиш каби техник кўникмалардан ҳам сабоқ берасиз.

Шу лойиҳа доирасида ижодкорларимизга компьютер саводхонлиги курсларини ҳам қўшасиз. Кўпчилигимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, интернетдан тегишли маълумот қидириш, вебсайтимизга материал қўйиш кабиларни яхши билмаймиз. Тил ва компьютер/смартфондан фойдаланишни ўргатиш орқали сиз замонавий ўзбек ижодкорини юзага чиқараётган бўласиз!

Бир қарашда бу оддий нарсадай туюлар, аммо муаммо анча чуқур, ва бу ишларни йўлга қўймай адабиёт ва санъатимизни халқаро доирага олиб чиқишимиз мумкин эмас!

Хўш, бундай тил, тақдимот ва компьютер дарсларини ўтиш учун қаердан маблағ оламан, кимни ишга соламан, деяпсизми? Бунинг имкони бор. Маблағ шакллантириш ҳақида аввал батафсил ёзгандим, яна бир кўз ташланг.

Агар бу лойиҳа сизни қизиқтирган бўлса, унда бошланг, азиз жонкуяр дўстим! Мен ҳам сизнинг ёнингизда тураман! Ёзинг, қўнғироқ қилинг, халқ ижодкорларини ўстириш, дунёга олиб чиқиш учун тажрибамдан фойдаланиб қолинг!