Бу – Майкл Броди, зоолог олим, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши мавзусида Ўзбекистондаги университетларда дарс берган. Ҳозир Қишлоқ хўжалиги университетида ишламоқда. Ўзбек паловининг деярли ҳамма турини татиб кўрган. Рамазондан кейин унга ловияли ош пишириб бермоқчиман. Вашингтонда ҳам у билан “Рус-Уз” номли ресторанга бориб ош еганмиз 🙂
Ўтган куни Майклни Тошкентдаги Сиэтл паркига олиб бордим. Бу парк Бобур боғининг бир қисми ҳисобланади, нариги бурчида Корея боғи ҳам бор.
Ўзбекистондаги бир неча шаҳарнинг дунё бўйлаб биродарлашган шаҳарлари бор. 50 йил аввал Тошкент АҚШнинг Сиэтл шаҳри билан биродарлашган шаҳар битимини тузган. Сиэтлда ҳам Тошкент номли парк мавжуд.
Тошкентдаги Сиэтл паркини мушоира, ижодий семинар ва адабий учрашувлар учун зўр жойга айлантирса бўлади: яшил ва сўлим. Паркда бир неча ўн йилар аввал тошкентлик ва сиэтлликлар ўз қўли билан кафелларга чизган декорациялар бор. Афсуски, уларнинг аксари нурай бошлабди, ҳовуз ва унинг атрофи эса қаровсиз қолган.
Айни пайтда бутун дунё бўйлаб шундай биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга катта эҳтиёж сезилмоқда. Халқлар дўстона ўзаро алмашувга жадал очилмоғи лозим. Хусусан, бу ишда ижодкорлар фаолроқ бўлса ва ташабббусни қўлга олса яхши!
Орангизда Тошкентдаги Сиэтл парки, Сиэтлдаги Тошкент парки декорацияси учун кафелларга “тинчлик”, “дўстлик”, “озодлик”, умид” каби сўзларни ёзиб, расмлар чизиб жўнатган момолар, боболарни биладиганлар борми?