49/51

Дунёда бир эркакка олти-етти аёл тўғри келади, деган эски статистика хаёлимнинг бир четида сақланиб қолган экан. Кечаги хабардан ҳайрон қолдим: 49/51. Ҳеч ишонгим келмасди. Бу бизнинг ўлкада қарийб ҳар бир тирик жоннинг ўз жуфти бор, дегани эди. Ундоқ десам, ён атрофида юрганим, ўзимга яқин билганим аёлларнинг сонини ўн нафар десам, уларнинг саккизтаси эрсиз эди. Эрсизлик – эркинликмиди ё? Аммо бу аёллар ўзини жудаям бахтсиз ҳисоблаганини ҳеч эслолмайман. Қийинчилик кимда йўқ, дейсиз. Бир танишим атайин Ҳиндистондан келиб, қиз-жувонларимизни ҳиндийларга турмушга бериш билан шуғулланувчи фирма очиш истагида юрибди. Зўр бизнес қилса бўларкан, ҳам савобли иш эмиш. Қуриялик йигитларга турмушга чиқиш орзусида навбат кутиб ётган ҳамшаҳарларим ҳақида тобора кўпроқ ва баралла эшита бошладим. Қозоғу ўрисда юрган шоввозларим, тезроқ орқага қайтиб, сулувларимизга эга чиқмасангиз, уларнинг тарқалиш чегаралари тобора кенгайиб бораверади. Бугуноқ уйга бориб, “хотин, яна бир-икки ўғил туғиб берасан» деб туриб олсаммикин ё? Саноғимиз тезроқ 50/50 бўлсин, ҳар кимнинг жуфти ўзимиздан чиқсин дейман-да! Ё анави таниш эрсиз аёлларнинг кўзга яқинроғи билан тил топишиб, паҳлавон бўлгучи чақалоқ ҳадя этганим савоблироқ ва аълороқми, а лаббай?

©“Кичик ҳикоялар” туркумидан 2015