Пиқ-пиқ

Пиқ-пиқ

Хотиним туғилган кун эди, ундан ота-онангни ҳам табрикладингми, деб сўрадим. “Тўнғичларисан-ку, ота-она бўлган кунлари билан қутлаб қўйсанг бўларди.” Хотин рақам босаркан, “ўзингиз айтақолинг, мен уяламан” деди. Дастурхон атрофида ўтирган болаларим пиқ-пиқ кулишди. Салом-аликдан сўнг телефонга ғўлдирадим: “Табриклайман. Қизингиз учун минг раҳмат сизларга…” Қўша-қўша келин-куёвли саксонни қоралаётган бу икки нуроний куёвидан бунақа гапни умрида биринчи эшитишимиди? Телефонда икковининг пиқ-пиқ йиғлагани сезилди. Шу кеча худди 50 йил аввалги никоҳ кечасидай ҳаяжон ва титроқ билан бир-бирининг пинжига кириб, ширин, жуда ширин уйқуга кетишди; ва неча йиллардан буён биринчи марта таҳажжуд намозидан кеч қолишди.

(“Митти ҳикоялар” туркумидан)