Кеча Эркин Аъзамнинг туғилган куни эди. Бир кун аввал британиялик муҳарриримиз Кэрол Ермакова билан хабарлашган, шу баҳона Эркин акага телефон қилиб, тез орада Лондонда чиқаётган янги китоби ҳақида бир нарсаларни аниқлаштиргандим. Эрталаб ёзувчига “СМС” ёзиб, муборакбод этдим. Китобсевар укам музаффар билан Тоҳир Малик домлани йўқлашга боришни келишгандик шу куни. Домла даволанаётган экан, кейинроқ кўришишни илтимос қилдилар. Тушдан кейин рассом опам Гулнора Раҳмон қўнғироқ қилиб қолди. «Дўрмонга бормаймизми?» деди. Бажонидил! Ҳалима Аҳмадни чорлагандик, уйида ремонт ишлари бошланиб, усталарга кўз-қулоқ экани сабабли, узр айтди. Соат бешдан ўтиб, Гулнора рассомнинг уйига келдим. Ўғли Ойбек яқинда АҚШдаги ўқишидан таътилга қайтган, уйда қўлбола қилиб, ўз рецептига кўра, бир ширин таом тайёрлаб турган экан. Мускат ва яна аллақандай зиравор топилмади-да, деганига қарамай, таом жуда мазали чиққан эди, иштаҳа билан еб олдик.
Гулнора Раҳмон чизган суратҒира-ширада Дўрмонга етиб келдик. Эркин ака ҳовлисига чиройли стол безатибди. Турсунали ака, Усмон Азим, Нодир Нормат, Сирожиддин Рауф, Муҳаммадшариф ака, Нодир Жонузоқ каби дўсту биродарлари йиғилди. Эркин ака «Туғилган кунимда «тост» айтмаймиз, нозу неъматлардан еб-ичиб, яхши ҳордиқ чиқаринглар, айтадиган ниятларингни ичларингда, дилларингда айтсангиз етади» деди. Усмон Азим болалик кунлари, Эркин ака билан қоронғи тушгунча копток ўйнаганлари, воҳадаги илиқ хотиралари, қўшнисининг Кореяда ишлаб келган пулига бир сурув қўй олгани, бойиб кетгани, ёш бир шоира чет элга бориб, ҳафта ўтмай Ватанни «росаям соғиниб қолганини» оғиз кўпиртириб ТВда гапирганидан сўзлади. Гулнора опа «папарацци» бўлиб, суратга туширишга келганида, «оғзим очилиб қолди сизни кўриб, қайтадан олинг расмга» дея кулдириб ўтирди у. Кимдир Эркин акани чин маънода эркин фикрли инсон деб алқади, агар у кишининг ҳайбати, назари бўлмаганида, ўнлаб юмалоқ-ёстиқ китобларни ёзиб ташлашини гапирди. Дилдан дуо қиларкан, камина кўнглидан “ўзбегимнинг эркин тафаккурли, халқ учун қайишадиган, дарду ҳасратини тасвирлайдиган ёзувчи-шоирлари кўпайишини, шулар қаторида Эркин Аъзамнинг ҳам асарлари ўнлаб чет тилларига таржима қилиниб, нашр этилишини, жаҳон адабиёти саҳнасида бўйи баланд, юзи ёруғ бўлишини» ўтказди.
Ҳар сафар Дўрмонга борсак, устозимиз Жамол Камолни кўрмай кетмаймиз. Аслида атайин шу устоз борлиги учун бу ерга келгим келади доим. Эшиклари ланг очиқ, ташқарига чиқаётган эканлар, қучоқлашиб кўришдик. Гулнора Раҳмоннинг ижоди, Ойбекнинг ўқишларини сўрадилар. Чет элда ўқиётганидан шод бўлдилар. Тўқсонинчи йиллар бошида Жамол ака Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида Наманганга ташриф буюргандилар, камина унда талаба эди. Қизғин мушоирадан сўнг, Жамол ака шоир Абдулла Жалилга қараб, менга ишора қилган ҳолда, «бу йигитни тезда хорижий филологияга ўтказишга ёрдамлашсангиз, аъло иш бўлур эди, бундай ёшларимиз адабиётни ўқиши яхши, аммо бир неча хорижий тилни ўрганиши муҳимроқ» дедилар. Ўшанда устознинг яна бир насиҳат қилгандилар: «Сабрлилар гўзалдирлар!»
Жамол Камолнинг суҳбатларини анча соғинган эканмиз, ҳар соҳадан бир шингил дегандай, 80-йиллар охирида Туркияга сафар қилганлари, Румий ҳазратлари зиёрати, Ғайбулла Ассалом ва яна икки нафар йирик адабиётшуноснинг «Маснавий» таржимасига қандай илҳомлантиргани, Эрон элчихонасининг таржима босилишига ёрдам бергани, Эрон сафари, аслиятдан қилганлари Шекспир асарларининг таржимаси, қиролича Елизаветадан олган мактублари, чин адабиёт мухлиси, дилкаш ва серҳиммат инсон Анвармирзо Ҳусаинов ҳақидаги ва қулоқ тутган киши ҳеч зерикмайдиган яна бошқа ажойиб хотираларини сўзлаб бердилар. Рус ёзувчиси Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» асари, Қуръони Каримнинг шеърий таржимаси, шайх Алоуддин Мансур билан учрашувларига алоҳида тўхталдилар. Устоз тилидан «Фотиҳа» сурасининг шеърий таржимасини тингларканман, арабчадан оз-моз хабарим борлиги учун, илоҳий китобдаги оятлар, қофиядош сўзлар кўз олдимдан ўтди:
“Исми раҳмону раҳим-ла ибтидо,
Жумла олам раддига ҳамду сано!
Улки раҳмону раҳимдур, нуру нур,
Рўзи маҳшар подишоси Ул эрур!
Бош эгиб Сенга сиғингаймиз фақат,
Ёлвориб Сендан сўрайдурмиз мадад.
Бизни андоқ бир йўлингга бошлаким,
Тўғри йўдир ул «сиротал мустақим».
Сен Ўзинг инъом этиб файзу шукуҳ,
Аҳли иймонингга бўлди хос у йўл,
Яъни қаҳрингга дучор бўлганлар-у
Ё адашганлар йўли эрмас у йўл.”
Аллоҳ Сизни сийласин, устоз! Умрингиз узун, юзингиз ёруғ бўлсин! Домланинг дуоларини олиб, хайрлашгач, анча кеч бўлишига қарамай, чироқ ёниқ тургани, ҳали ичкаридан шарпа эшитилаётгани сабаб, қолаверса, албатта кўриб ўтишни ният қилганимиз учун, Мирзо Кенжабекнинг дарвозасини оҳиста тақиллатдик, бу ҳокисор, кўп истиғфор айтувчи инсондан ҳол-аҳвол сўраб, ширин хотиралар оғушида, шукрона айта-айта Тошкентга қайтдик. Жуда мароқли кун бўлди! Ўзингга шукур!
11 август 2016 йил