Ткачом Пойил Раживан (Ҳиндистон)

Ҳинд шоири, очеркнавис, Ҳиндистоннинг Керала штатида 1959 йилда туғилган. Инглиз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича магистрлик унвонини олгач, у Ню-Деҳлига келади ва бир неча газета таҳририятларида журналист бўлиб ишлайди. 1988 йилда у ўзи туғилиб ўсган Керала штатига қайтади, унда Каликат Университетида Жамоатчилик билан алоқалар бўлимида раҳбар лавозимига ишга ўтади. Шоир инглиз ва малаялам тилларида асарлар битади. Инглиз тилида Раживаннинг икки шеърий китоби нашрдан чиққан, шулардан “Каннаки” (2003) номли китоби 2003 йилда АҚШда босилган, “Шундоқ кетган одам” (2004) эса “Ети букс” нашриёти томонидан Ҳиндистонда чиққан. Адибнинг малаялам тилида чоп этилган китоблари сирасига “Эшик” (1991), “Сиёсий стратегиялар” (2004), “Қумурсқага айланганим кун” (2005) киради. Бундан ташқари, Раживаннинг адабиёт ва маданиятга оид “Ўша осмон, ўша ер” (2001) очерклар тўплами, “Йўқотилган сўз синовида” (2006) китоблари бор.  

ЁНИШ

Ёнаётган кўчада
ловуллаган уй
ёнаётган хона
ёниб очаман
ёнаётган эшикни

Оловли тахта ўрнига
Ётиб оламан
Ёниб

Тун кулга дўнди
Тахта ўриндиқмас
на эшик
ё хона
ва на уй
кўча

рўйи заминда бир
ёнаётган
МЕН

Кўллар

Бошни
дум деб
атаса бўлар

мушукни
каламуш

тунни
кун дея

уйқуни
уйғониш

йиғи
кулгудир

қамоқ-чи
бўш кенглик

симёғоч
сояли дарахт

тобут-чи
бешик

фақат кўзларни
ҳеч қачон ёпилмас
кўллар деб
юрма.

ДАРАХТ

эрга уруғ мисол
кўмилган
менман

майса бўлиб
унган
сен ўзинг

баргдай ҳазон бўлган
тўкилган
бу – мен

гулдай қувонч ичра
қиқирлаган
сен

илдизлардай
эрга суқилган
менман

мева бўлиб
тугилган
ўзинг

ёмғирларда
ҳўл бўлган
бу – мен

қуёшда ҳурликни
куйлаган
сенсан

шамолда тентираб
азобланган
мен

ойдинларда
ўй сурган
сенсан

хочга маҳкам
михланган
ўзим

сурат битиб
тирилган
сенсан.

УЙ

Ерга тушиб кетар
битта тош
ва дафъатан айланар полга
пол девордай кетар ёйилиб
девордан том ўсиб чиқади

Томнинг устида
девордан ташқари
пол атрофида
тошдан қуйида
бузиб юбораман мен
бу уйни.

ШЕЪРИЯТ ЙЎҚ ЭНДИ

Шеърлардан ҳеч қачон баёз тузмангиз:
уларнинг ўзлари китобга кирсин:
«Сигир» номли шеър
«Майса» отлиғ шеърни еб қўяр,
«Йўлбарс» эса қувлаб юради
«Сигир»ни
«Йўлбарс»ни-чи ўлдирар
«Овчи».

Ҳеч қачон шеър ўқиманг:
Тилнинг бошқа бир қирғоғига
Ўтмоқликдан анча илгари
«Ер» отлиқ шеър чўкиб улгурар
«Денгиз» ичига
«Олов» шеъри эса бир зумда
кулин кўкка совурар «Уй»нинг,
«Она юрт»у
«Шаҳар»ни ҳатто.

Ҳеч қачон шеър ёзманг:
ёзувларнинг қоронғусида
саводсиздек қолган товушлар
уйғониб кетади
боши кесик, кўмиб ташланган
ишкал сўзлар, синиқ образлар
қўлга қурол олар тўсатдан
Маҳабали сўзлари қайтар
Нуқта белгисини
Сўроқлар сўроқ
қўриқчига айланар
ундов белгиси.

Ёзилмаган шеър лаънатлаган
Китоб – алфавитлар тобути
Чинқириб юборар.

____________
(Маҳабали – афсонавий шоҳ, у халқнинг барча истакларини бажо келтирган)

Аъзам Обидов таржимаси