Саида янгам

Чумоли уясидай, кеча-кундуз ғимир-ғимир одам аримайдиган, бемор юраги тўхташинигина кутишдан ўзга чораси йўқ тез ёрдам шифохонасида бир соат ичида икки банда омонатни топширди. Бирлари туғишган акамнинг аёли, иккинчилари ҳам узоқроқ қариндош…

Жума жамоатида, таҳажудда, касалхона ҳовлиси-ю палата деразаси қаршисида шифо тилаб қилинган дуо-илтижолар баланд-баланд кўтарилиб, бир муддат ҳавода осилиб турди-да бу дунёдагилар билан хайрлашган марҳумаларимиз бошида соябондай қотди…

Бомдоддан сўнг қори ва қориялар, жиянимга синфдош қизчалар митти ҳовучларини тўлдириб-тўлдириб, хатми қуръон савобларини келтиришди.

Томоғимиз ғийш-ғийш қилди. Анжир қоқи қўшиб, сут пиширилди. Аччиқтош эритиб, ғарғара қилдик, малина, итшумуртли чой қайнатиб ичилди.

Бу мамлакатда дўхтирлардан гина қилиб бўлармиди – ўзимизга хос ва мос? Беморлик эшик қоқиб, дори ичмасликнинг иложи қолмаса, сон-саноқсиз ‘дориксона’ (аптека)ларнинг исталган бирига мўралаб, фалон жойим учун дори беринг дейилса бас, дўхтирга бориб, кўзига термулиш шарт эмас.

“Кун фаякун”ингга, битган тақдирингга рози бўлган бандаларинг учун гўзал сабр бергин, ҳаммамиздан рози бўлгин, Аллоҳим!

Энди 50 га қадам қўйган болаликдаги дўстим, маҳалладошларга гоҳ қўғирчоқ театрлари саҳналаштирган, гоҳ ҳарф танитган, гоҳ Қуръон ўқишни, чеварчилик ва қандолатчилик сирларини ўргатган оиламизнинг катта келини – Саида кеннойимни сиз ҳам дуоларингизда эслаб қўйинг, шояд руҳи шод бўлса.

Илоё оғир касал бўлмай, ҳаётингизни осонлаштириб, қийинлаштирмай яшаб ўтишдай неъмат ҳаммангизга насиб этсин!

Ўлим шарбатини ҳаммамиз ҳам тотишимиз бор. Биз яхши кўрганлар ва бизни яхши кўрганлар ҳечам узоққа кетишмайди – биз улар билан ёруғ юз-ла сал кейинроқ яна кўришамиз, иншааАллоҳ.