Шоира, муаллима Собирахон Нормирзаева 1951 йил 3 мартда Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Наманган педагогика институтини тамомлаган. Шеърлари вилоят, республика матбуотида эълон қилинган, санъаткорлар томонидан қўшиққа солинган. «Наманган хақиқати» газетаси редакциясида ишлаган, Намангандаги таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган. Юзлаб шогирдларнинг меҳрибон устози, собира, оқила ижодкор 2003 йил 6 июнда вафот этган.
Орзуларим
Орзуларим, олиссан ҳали,
Мен-чи сенга етмоқ истайман.
Чорлар мени мақсад машъали,
Интиламан, ўзни қистайман.
Тўсиқларга бераман бардош,
Сенга томон ташлайман қадам.
Мақсадим шу: азиз ватандош,
Юртга бўлсам керакли одам.
***
Баҳона
– Тезроқ юргин, Илҳомжон,
Йўлда қолиб кетамиз.
– Шошилмайлик, онажон,
Ойни олиб кетамиз.
– Сен тез юрсанг шошади,
Югурар ой ўзи ҳам.
– Ҳо, йўлдан адашади
Йўл кўрсатиб бормасам!
Агар сизни ўйласам
Йўқ эди ишқнинг гарди,
Фикрим равон кўчарди,
Кўп битиларди шеър ҳам, –
Агар сизни ўйласам.
Уйқуни унутардим,
Қалбдан қувнаб кетардим.
Билмасдим на ғам-алам,
Агар сизни ўйласам.
Баъзида ёлғиз қолсам,
Оламан қўлга қалам.
Ҳамроз бўлар илҳим ҳам
Агар сизни ўйласам.
Тенгсиз эдим бахтиёр,
Афсус энди шубҳа бор,
Йўқ, йўқ, шубҳалар бекор –
Агр сизни йўйласам.
Фақат бир чигаллик
Букланган бир қоғоз ётибди йўлда.
Ҳаваскор шоирнинг машқ шеъримиикин?
Ёки соғинч қуши талпиниб дилда
Солдатнинг онага мактубимикин?
Ё бир мисолмикин математикадан,
Ечилмай ё биров ташлаб кетдими?
Ёки у ҳикмату донолар деган,
Паришон бир киши унутибдими?
Инсон ҳал қилади ҳамма-ҳаммасин.
Букланган бир қоғоз ётибди йўлда.
Ишқилиб, рад бўлган севги бўлмасин,
Мана шу чигаллик қолди кўнгилда
Қоқилиш
Чопқиллаб кетяпти жажжи қизалоқ,
Акаси кутмоқда ҳу нарироқда.
Ана у қоқилди, йиғлади шу чоқ,
Нажот сўраяпти кўзи ҳар ёқда.
Қани, менга кел-чи, бир кўтарай-чи,
Дедим-да қизчани қўлимга олдим.
Қаеринг оғриди, кўрсат, кўрай-чи,
Жароҳати митти, ҳайратда қолдим.
Шунгаям йиғими? Айб бўлади,
Билсанг, кўп қоқилиш бор бу ҳаётда.
Булардан қалблар ҳам майиб бўлади,
Қоқилиш, қоқилиш ҳали қаёда?
Туюқ
Менинг учун у тенгсиз олим,
Эркалаб дер: “Ёноғи олим!”
Қайда бўлмай унда хаёлим,
Бахитёрман, ёнимда Олим!
Қарсак-тарсак
Ҳеч кимга гал бермай сўзлади «нотиқ»,
Мажлис тугашига оз фурсат қолди.
Одамлар зерикди, тоқат бўлди тоқ,
Ғовур-ғовур ичра товуш йўқолди.
Баъзилар дер: Бўлди, мунча чўзмаса?
Фақат янги оғиз, эски гап нуқул.
Баъзилар дер: Қорин очди-ку роса,
Бу ҳолда уйга ҳам етишим мушкул.
Хайрият, тугатди «нотиқ» сўзини,
Қувончдан одамлар чалишди қарсак.
Олқишдан у хурсанд тутар ўзини
Бечора, билмаски, бу қарсак – тарксак!
***