Ҳаж

Бу – шу ўлкалардаги энг узун навбат. Ёзилиш осон, илгарига сурилиш ва тасдиқлатиш – пул. Болалигида бувасидан Макка деган жойда мўъжизалар содир бўлиши ҳақидаги ҳикоятларни кўп эшитган, умуман, Арабистон, Каъба, ҳаж бисотидаги энг, энг муқаддас ва азиз номлар бўлиб келди. Туғилган юртидан ўзга жойга чиқмаган, аммо фарзандлари Самарқанду Бухорони зиёрат қилдирди. Денгиз кўрганмисан? Йўқ. Жиллақурса Туркияга бор, мовий саёҳатларга чиқ, янги ерга босадиган ҳар қадаминг қутлуғ дегувчиларга бепарво у. Ўн йилча бўлди рўйхатга тиркалганига, навбат етди, келинг, дея ҳеч чақиришмади. Ахири ўзи бориб сўради, узуууун рўйхатда фалончи ўринда экан. Ё Худо, агар навбат билан бориладиган бўлса, энг камида бир юз элликка кириши керак! Ният холис. Ички олами дуруст, энди жисмоний чиниқишни янаям кучайтирмаса бўлмайди, умр узайтириш амалларини кўпайтиришга зўр беради энди, кетмонни ҳам ўзи чопади, намозшомгуллар экиб, гулзорни ҳам ўзи тузади. “Ҳажни фарз қилган Худойим, умримни узун, узун қил”, деб саҳарларда ёлборишда бардавом бўлади ниятингга етгур. Ё “Каъбатуллоҳни даргоҳингдай кенг қил, ё анави квўтасини кўтарсин булар”, деб зор-зор сўрайди. Фақат, навбатда олдинроққа сурилиш учун ҳеч кимга бир чақа бермайди бу пишиққина онахон, ҳеч кимга. 

“Кичик ҳикоялар” туркумидан – 2015