Остонадаги Ҳазрати Султон масжидидан чиққанимда қоронғу тушган, майин, устига боссангиз сирпантирмайдиган қор учқунларди. Яқиндаги бекатга бордим, ўрта ёшли басавлат аёл ва сал нарида афтидан бошқа вилоятдан келган ёши улуғроқ хола телефонда гаплашиб турарди. Озроқ ўтгач хола савлатли хонимга яқинлашиб, ундан такси чақириб беришни сўради. У хоним эса манзилни аниқлаб, дарров “Яндекс” буюртма берди. Телефонимда интернет йўқлиги учун шу маҳал мен ҳам ўша аёлдан меҳмонхонамгача такси чақириб беришни илтимос қилдим, аммо у иккинчи машинага қандай буюртма беришни билмас экан.
Шу орада бекатга келган яна бир ёш аёл бу жойдан манзилимга бирорта автобус бормаслигини, истасам такси чақириши мумкинлигини билдирди. Меҳмонхона номини айтгандим, ҳалиги басавлат хоним, ие, мен ҳам ўша тарафда тураман-ку, деб қолди. Унга бирга кетишни таклиф қилдим. Ёши улуғ холанинг таксиси келди, уни чиқарвордик. Бизники 2 дақиқадан кейин келаркан. 1 дақиқа қолганда ёш аёл “йўлкира картамдан ечиб олинаркан, энди нима қиламиз”, деди уялиб. Ундан суммани сўрадим, 1200 танга экан, менда эса яхлит 1000 ва 2000 танга бор эди. Қайтимга аёлда майда топилмади. Таксимиз келди, ҳайдовчидан йўлкирани нақд тўлаймиз деб пулни кўрсатгандим, у ҳам уйдан ҳозир чиққани, қайтим йўқлигини айтди. Мен ёш аёлга 1000 бердим, савлатли хоним дарров унинг карта рақамини сўраб, 200 ўтказиб берди. Бекатга автобус келди, ёш аёл унга, биз таксига чиқдик. Уч аёл ва камина манзилимизга жим-жим кетиб боравердик. “Ўтган беш дақиқа ичида ҳаммамиз бир-биримизга яхшилик қилдик-а” деган хаёл ўтди бошимиздан, юракларимиз исиб-исиб борди.