АЛАМ

Бу дунёга на бир эътибор, На бир парво бирла қаралмиш. Иблис каби бўлгаю маккор, Яхшиликни билмас яралмиш. Нечун келдим дея сурмас ўй, Кетмоғин ҳам асло ўйламас. Тубанликда қолиб қаро кўй, Комилликка ўзни бўйламас.

ҲАЙРАТ

Олисларда қолар юрагим, Йиллар бўйи чиқмас дарагим, Пуч пуч бўлар, сарак – сарагим, Мени бир кун ғурбат ўлдирар, Борлигимни суяди кимдир, Кимнинг куйиб юргани тимдир, Ўзни сабр наҳрига шимдир, Мени бир кун ғийбат ўлдирар.

НАҲ ОТ-НАҲОТ

Ҳақнинг қўли етди бўғзимга, Кўнгил маъюс тортиб қолди жим. Шу он савол қилдим ўзимга, Қайтгум қандоқ, келиб ким бўлдим? Зотан нуқул чайналди тилим, Не иш бўлса ютдим ичимга. Мени ҳаққа қовуштир, ўлим, Тили кесик жонга ачинма!

ОЯТ

Бандамиз, ризқ улуғ бўлса гар, Аллоҳ икром қилди деб айтар. Неъматни танг қилса, алҳазар, Шикоятчи бўлурмиз қайта. Эсга тушар ўтган ҳар юмуш, Бўғизда тош қотиб қолгай ун. Оҳ, не учун бўлурмиз хомуш, Ер даҳшатли қимирлаган кун?