КЕЛ, ҚАЙТА БОШЛАЙМИЗ, ЮРАГИМ…

Жисму жон қораймиш ғубордан, Не бахт, бир завқ етгай ифордан, Яшашни ул яшил баҳордай Кел, қайта бошлаймиз, юрагим. Умримиз асли-ку ҳайрия, Фанонинг бақога сайри-я, Ўтмишнинг барига хайр дея Кел, қайта бошлаймиз, юрагим.

У ДУНЁДА…

Бир инсоннинг тугади умри, Лек ортидан кўпайди гап-сўз. «Бисёр эди ул зотнинг шукри, ҳалол ишлаб топарди ризқ-рўз. Ёш эди-я, тағин ортидан Болалари қолди чирқираб. Тиним билмай элнинг дардида Букилганни турганди тираб.

ТАВБА

Тонг отаркан, кучли бир одам Келди ниҳол олдига шаҳдам. Қўпормоқчи бўлди ниҳолни Ўйлади: бу ишим муҳолми? Кўрди: ниҳол илдизлари бор, Суғурмоқлик балки кўп душвор. Кел, яхшиси кейинроқ келгум, Бугунгидан кучлироқ бўлгум.

БУНДА

Бунда соғлик учун ичилгай шароб, Тирикчилик учун одам авралар. Наҳот дил тубию атрофи хароб, О, қайда қолдингиз дилкаш давралар? Бунда хотиротнинг уммони саёз, Тафаккур осмонин соддалик тутмиш. Минглаб забон мавжуд, бор битта овоз, Бунда яралмишни асрайди ўтмиш…

ИККИЛИК

Замин билан само бор, Эркак ила аёлдир. Тун ортида оқ наҳор, Қуёшдан сўнг ҳилолдир. Жаннат ила бўлур нор, Куфр йиқар иймонни. Туғилмоқ-ла, ўлим бор, Йўқ қутулмоқ имкони.