НАСИҲАТ
Нафс, нимани қилмадинг орзу, Қай юмушга урмадинг бир қўл. Бир кун ахир тошу тарозу Ва келгуси боши бекик йўл. Ўтинчим шул: очиқ қўйма, бас, Устинг савоб илки-ла ёпгин. Гуноҳ ишга қилган бўлсанг қасд Худо кўрмас бир жойни топгин!
Ҳақнинг қўли етди бўғзимга, Кўнгил маъюс тортиб қолди жим. Шу он савол қилдим ўзимга, Қайтгум қандоқ, келиб ким бўлдим? Зотан нуқул чайналди тилим, Не иш бўлса ютдим ичимга. Мени ҳаққа қовуштир, ўлим, Тили кесик жонга ачинма!